ЛОЙИҲА ХАҚИДА

Юқорида айтиб ўтилганидек, уламоларимиз томонидан ҳадисларни жамлашда қилинган ҳаракатлар натижасида юзлаб, балки минглаб нодир асарлар дунёга келган. Бу асарлар ичида катта ҳадис тўпламлари алоҳида ўрин тутиши табиий. Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини халқимизга етказиш учун ўша китоблар ичида энг мўътабар саналган, кўпчилик томонидан саҳиҳ, ишончли деб эътироф этилган тўққизта ҳадис тўпламини танлаб олдик. Уларнинг бошида Ислом уммати қадимдан эътироф қилиб келаётган энг мўътабар олти ҳадис китоби ўрин олган. Қолган уч ўрин учун мазкур олтиликдаги олтинчи ўринга даъвогарлик қилган ҳадис китоблар танланди. Бу тўққизта китоб ҳадис уламолари орасида «кутуби тисъа» (тўққиз тўплам) деб ҳам юритилади. Улар қуйидагилар:

1. «Саҳиҳул Бухорий» (7563 та ҳадис).
2. «Саҳиҳи Муслим» (7479 та ҳадис).
3. «Сунани Абу Довуд» (5274 та ҳадис).
4. «Жомеъи Термизий» (3956 та ҳадис).
5. «Мужтабои Насоий» (5758 та ҳадис).
6. «Сунани Ибн Можа» (4341 та ҳадис).
7. «Муваттои Молик» (1843 та ҳадис).
8. «Сунани Доримий» (3465 та ҳадис).
9. «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» (7096 та ҳадис).

Баъзи манбаларда «Саҳиҳ тўққизталик»нинг тўққизинчи китоби сифатида «Муснади Аҳмад» ҳам кўрсатилади.

Ушбу келтирилган ададлар жамланганда, ҳадисларнинг сони 46775 тага етади. Аммо бу ушбу китобларнинг биз танлаган нусхаларига кўра бўлиб, бошқа нусхаларда ҳадисларнинг адади бироз фарқ қилиши мумкин. Шу билан бирга, бу ҳадисларнинг ичида такрорлари ҳам бор. Мисол учун, такрорларини ҳисобга олмаганда, «Саҳиҳул Бухорий»нинг ҳадислари 4000 та, «Саҳиҳи Муслим»ники 3033 та бўлади.

Муҳаддислар одатда ҳадисларни ҳар жиҳатдан ўрганиш мақсадида уларни турли сарлавҳалар остида такроран ҳам келтирганлар. Шу боис бир китоб ичида бир маънодаги ҳадис бир неча маротаба ҳам келиши мумкин. Бунда муҳаддислар имкон қадар айни бир хил лафздагисини эмас, балки мазмунан бир хил бўлса-да, сўзлари фарқли бўлганини келтиришга ҳаракат қилишган ҳамда ҳадисни бошқа санад билан ривоят қилиб, уни қувватлашга интилишган. Хусусан, имом Бухорийнинг китобларида ҳадисларнинг айнан такрорланиши деярли учрамайди. Уларнинг матни ёки санадида қайсидир даражада фарқ мавжуд бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши ният билан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ёрдам сўраган ҳолда таржима қилишга киришар эканмиз, тўққизта энг мўътабар ҳадис китобларидан ташкил топган ушбу тўпламга «Олтин силсила» деб ном қўйишни маъқул топдик. Уни илмий асосда, халқаро андозаларга мувофиқ равишда, малакали мутахассислар иштирокида таржима қилиб, ўзига хос энциклопедия қилишга киришдик.

Бу китобларнинг биринчи олтитаси энг саҳиҳ ва санади олий ҳадис китобларидир. Булар Ислом уммати ичида катта шуҳрат топган олти асл китоблардир. Ислом уммати уларни бир овоздан ҳадиси шарифларни жамлаш борасидаги энг саҳиҳ ва мўътабар китоблар деб эътироф этган, чунки улар шариатдаги энг асосий ва энг қимматли маълумотларни ўзида жамлагандир. Балки имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи таъкидлаганидек, «шариатнинг барчаси шулардир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда оз ҳадисларигина ушбу олтита асл китобдан четда қолган. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, бу китоблар инсон икки дунё саодатига эришиши учун муҳтож бўладиган нарсаларни ўз ичига олган.

Мазкур олти ҳадис китобларига қўшилган кейинги уч китоб ҳам улардан қолишмайди. Бу уч китобдан ҳар бири олти саҳиҳ китоб қаторидан жой олишга ҳақли эканини кўпчилик уламолар таъкидлашган. Ушбу китоблар ўзларидан олдинги олти китобни қўллаб, қўшимчалар билан тўлдиради.

Ҳеч шубҳа йўқки, ушбу ҳадис китоблари мусулмонлар учун Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган энг ишончли, тўғри ва баракотли китоблардир. Уларни мусулмонлар доимо эъзозлаб келганлар, ўқиб-ўрганганлар ва бу дунё ҳамда охиратлари учун улардан жуда кўп фойда олганлар. Шунинг учун бу буюк манбаларни таржима қилиб, халқимизга тақдим этиш фақат яхшиликка, хайру баракага сабаб бўлади. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишимизда бизга ёрдамчи бўлсин ва уни ҳаммамиз учун фойдали қилсин! Омин!

«ОЛТИН СИЛСИЛА» ТУРКУМИ КИТОБЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МУАЛЛИФЛАРИ ҲАҚИДА

«Саҳиҳи Бухорий»

«Саҳиҳи Бухорий» китоби буюк ватандошимиз, муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларининг устози имом Бухорий қаламига мансубдир. У зотнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Бардизбаҳ Жўъфий ал Бухорийдир.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларининг устозидир. Имом Бухорий ҳижрий 194 (милодий 810) йили Бухорода туғилган. Етимликда ўсиб, тўққиз ёшда Қуръони каримни тўла ёд олди. Ҳадис эшитишни яхши кўрар, вояга етгунча етмиш минг ҳадисни ёд олган эди. Ўн олтига кирганида она-бола ҳаж сафарига жўнашади, Муҳаммад ҳадис ўрганиш мақсадида Маккада қолади. Кейин илм талабида Хуросон, Шом, Миср, Жазира ва Ҳижоз ўлкалари, Басра, Бағдод, Куфа каби шаҳарларда бўлади.

Имом Бухорий жами олти юз минг ҳадис тўплаб, шундан юз минг саҳиҳ, икки юз минг заиф ҳадисни ёд олган, буларни тўплашда мингдан ортиқ шайхларнинг ҳузурида бўлган. Ушбу ҳадислар ичидан саҳиҳларини аниқлаб, улар асосида ўзининг машҳур «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китобини ўн олти йилда ёзиб тугатган. Ибн Ҳажарнинг ҳисоби бўйича, имом Бухорий ушбу тўпламга 7397 мингдан ортиқ саҳиҳ ҳадисни бобларга ажратиб, тартибли равишда жамлаган. У киши ҳар бир ҳадисни алоҳида ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, кейин китобга қайд қилар эди.

Ўз даврининг атоқли уламоларидан имом Ҳоким айтади: «Бу дунё остин-устин қилиб юборилса ҳам, Бухорий каби ҳадис билувчи ва уни ёд олувчи одам топилмайди». Ражо ибн Муражжо эса: «Имом Бухорий Аллоҳнинг ерда юрувчи мўъжизаси эди», деган. У имом Муслим, Термизий, Насоий ва бошқаларга устоз бўлган. Бундан ташқари, Имомнинг «Ал-Муснад ал кабир», «Ат-Тарих ал кабир», «Ат-Тафсир ал кабир», «Ал-Ҳадис ан-Набавий», «Китобу асмои саҳоба», «Ат-Тарих ас-сағир», «Холқу афъоли ибод», «Зуафоус-сағир», «Ал-Адабу ал муфрад» ва бошқа йигирмадан ортиқ асарлари бор.

Имом Бухорий ҳижрий 256 (милодий 870) йили Рамазон ҳайити кечаси вафот этиб, ҳайит куни дафн қилинди. У кишининг мақбаралари Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида бўлиб, ҳозирда у жойда муҳташам ёдгорлик барпо қилинган.

«Саҳиҳи Муслим»

Бу асар имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ибн Вард ал Қушайрий ан-Найсобурий қаламига мансубдир. Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ атоқли ҳадис илми имомларидан, фазилати жиҳатидан «Саҳиҳул Бухорий»дан кейин турадиган «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламининг муаллифидир. Ҳижрий 206 (милодий 821) йили Нишопурнинг (Найсобур) Қушайр қишлоғида туғилган. Ироқ, Ҳижоз, Шом, Миср, Бухоро ва бошқа ўлкаларда бўлиб, машҳур уламолардан таълим олган. У ўзининг «Саҳиҳи Муслим» китобида уч юз минг ҳадис ичидан такрорсиз уч мингдан ортиқ, такрори билан етти мингдан зиёд саҳиҳ ҳадис жамлаган. Ушбу китоб «Олти саҳиҳ»нинг иккинчиси ҳисобланади. Абу Алий Нишопурий: «Осмоннинг остида Имом Муслимнинг китобидан саҳиҳроқ китоб йўқ», деган.

Имом Термизий имом Муслимдан таълим олиб, устоздан эшитган ҳадисларни ўз китобида ривоят қилиб келтирган. Бир мавзуга тегишли ҳадисларнинг барчасини дақиқлик, синчковлик билан китобнинг бир жойида келтиргани учун баъзи Мағриб уламолари «Саҳиҳи Муслим»ни «Саҳиҳи Бухорий»дан устун кўришган.

Имом Муслимнинг бундан ташқари «Ал-Жомиъ ал кабир алал-абвоб», «Китабу ал муснад ал кабир», «Китабу асмои ва куна», «Китабул-илал», «Китабу тамйиз», «Китабу машойихи Молик», «Китабу авҳомул муҳаддисийн», «Китабу табақоту ат-тобеъин» ва бошқа асарлари бор.

Имом Муслим 261 (милодий 875) санада Нишопурда вафот этган ва шу жойга дафн қилинган.

«Сунани Абу Довуд»

Бу ҳадис тўплами муаллифи Имом Абу Довуд Сулаймон ал Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн ал Аздий ас-Сижистоний роҳимаҳуллоҳ машҳур муҳаддислардан. Ҳижрий 202 (милодий 817) йили Сижистонда (ҳозирги Эрон ҳудудида) туғилган. Ёшликдан ҳадис илмига қизиқиб, Ироқ, Хуросон, Шом, Миср, Араб жазирасига сафар қилган ва ҳадис эшитиб, уларни ривоят қилган. Кейинчалик машҳур шайх, ровий, ҳофиз бўлиб етишган. Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Термизий билан учрашган. Имом Абу Довуд беш юз минг ҳадисни ёзиб олиб, улар ичидан 4800 тасини танлаб, «Сунан» китобига киритган ва уларни 35 та китоб ва 1871 бобга ажратган.

Абу Довуд: «Китобимга саҳиҳларни, унга ўхшашларни ва унга яқин ҳадисларни киритдим. Бу китобимда уламолар тарк қилишга ижмоъ қилган ҳеч бир ҳадисни зикр қилмадим. Кучли заифлик бўлган бирон ҳадис бўлса, уни баён қилдим», деган. «Сунани Абу Довуд»нинг ровийларидан бири Ибн Аъробий: «Агар бирон кишининг ҳузурида илм китобларидан Мусҳаф ва Абу Довуднинг китоби бўлса, у бошқа ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайди», деган.

Ушбу асар «кутубус-ситта»нинг учинчиси бўлиб, аҳамияти жиҳатидан фақат Имом Бухорий ва Муслимларнинг «Саҳиҳ»идан кейинда туради. Абу Довуднинг «Сунан»и ҳақида Закариё Соний бундай деган: «Қуръон – Исломнинг асли, «Сунани Абу Довуд» Исломнинг аҳдидир». Олимларнинг эътирофича, бу китобда ҳадиси шариф билан исбот қилинмаган бирорта шариат масаласи қолмаган. Унга бир неча шарҳ ва мухтасарлар ҳам ёзилган. Абу Довуд шундай деган: «Тўрт ҳадисни билиб, амал қилиш одамга дини учун кифоя қилади. Ўша тўрт ҳадис ушбулардир: «Амаллар ниятга кўрадир», «Беҳуда нарсани тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир», «Мўмин ўзига раво кўрган нарсасини биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», «Ҳалол аён, ҳаром ҳам аён, иккиси ўртасида шубҳали нарсалар бордир».

Имом Абу Довуд ҳижрий 275 (милодий 889) йил шаввол ойининг 16 куни Басрада вафот этган.

«Сунани Термизий»

Бу асарнинг муаллифи имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо аз-Заҳҳок ас-Суламий ал Буғий ат-Термизий роҳимаҳуллоҳдир. У зот Мовароуннаҳрнинг машҳур муҳаддисларидан бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилган. Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довудлардан дарс олган. Шогирдларининг ёзишича: «Имом Бухорийнинг вафотларидан кейин Хуросон юртида илм, зеҳн, тақво ва зуҳд борасида Абу Исо ат-Термизийдек зот топилмайди».

Имом Термизийнинг энг машҳур китоби «Ал-Китаб ал азийм»дир («Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»), у «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Термизий» номлари билан машҳур бўлиб, «Олти саҳиҳ»нинг тўртинчиси ҳисобланади. Ундаги ҳадисларни тўплаш учун имом Термизий Хуросон, Ироқ, Шом юртларида, Макка ва Мадина шаҳарларида илмий сафарда бўлган.

Имом Термизий «Сунан»ида фақат саҳиҳ ҳадисларни келтиришни ўзига шарт қилиб қўймаган, шунинг учун унда саҳиҳ, ҳасан ҳадислар билан бир қаторда заиф ва иллатли ҳадисларни ҳам зикр қилиб, уларнинг заифлик сабабларини баён қилган.

«Сунани Термизий»даги ҳадислар сони 4000 тага яқин бўлиб, муаллиф уларни 42 бобга ажратган.

Имом Термизий: «Бу китобни ёзиб, Ироқ уламоларига кўрсатдим, унга хайрихоҳлик билдиришди, Хуросон уламоларига кўрсатдим, улар ҳам хайрихоҳлик билдиришди. Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, ўша уйда Пайғамбар сўзлаётгандек бўлади», деган.

Бундан ташқари, имом Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-набавийя», «Китабул-илал», «Китабут-тарих», «Китабуз-зуҳд», «Китаб ал асмо вал-куна» ва бошқа кўпгина асарлари бор.

Имом Термизий ҳижрий 279 (милодий 892) йили вафот этган, қабри ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидадир.

«Мужтабои Насоий»

«Мужтабои Насоий» буюк муҳаддис, имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Алий ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ ал Хуросоний ан-Насоий роҳимаҳуллоҳнинг қаламига мансуб мўътабар тўпламдир. Бу зот 215 (милодий 831) санада Хуросоннинг Насо деган шаҳарчасида дунёга келди.

Бу зотнинг ҳадис китоби «Олти саҳиҳ»нинг биридир. Насоий ҳадис уламолари ичида асл ҳадислар билимдонларининг имоми ва пешқадами эди. У киши ўн беш ёшга етганда Қутайба ибн Саъид ал Балхийнинг ҳузурига бориб, бир йилу икки ой давомида ҳадис эшитади.

Имом Насоий илм талаб қилиб, Хуросон, Ҳижоз, Миср, Ироқ, Арабистон ярим ороли, Шом каби юртларни кезиб чиқди. Сўнгра Мисрда «Ал-Қанадийл» номли машҳур китоб бозори яқинида яшади.

Имом Насоий таълиф этган китоблар қуйидагилар: «Хасоису фии фазли Алий ибн Абу Толиб ва оли байт», «Китобу аз-зуафо вал матрукийн», «Маносику ан-Насоий», «Жамъу муснад Молик ибн Анас ва муснад Алий ибн Абу Толиб».

Имом Насоий «Сунани кубро» китобини ёзиб тугатгач, уни Ромла амирига ҳадя қилди. Амир: «Бундаги ҳадисларнинг барчаси саҳиҳми?» деди. Насоий: «Унда саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам, уларга яқини ҳам бор», деди. Амир: «Менга фақат саҳиҳларини ажратиб беринг!» деди. Шунда Насоий у учун «Сунани суғро» китобини ёзиб, уни «Мужтабо минас-сунан» деб номлади. Ушбу китобга 5758 та ҳадис киритилган бўлиб, бошқа сунан китоблари каби фиқҳий боблар асосида тартибланган. Уламолар: «Сунани Насоий» даража жиҳаитдан «Саҳиҳайн»дан кейин туради, чунки у «Сунан»китоблари орасида заиф ҳадислари энг кам китобдир», дейишган. Бу китоб бизгача етиб келган бўлиб, унда олти мингга яқин ҳадис жамланган. У биринчи марта ҳижрий 1256 санада (милодий 1840) Ҳиндистонда чоп этилган.

Имом Насоий (милодий 303 ҳижрий 915) йили Маккада (баъзи ривоятларга кўра Ромлада) вафот этган.

«Сунани Ибн Можа»

Мазкур тўпламнинг муаллифи имом Ибн Можа Қазвинийдир. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд ибн Абдуллоҳ ибн Можа Рибъий ал Қазвиний роҳимаҳуллоҳ машҳур ҳадис имомларидандир. Ҳижратнинг 209 (милодий 824) йили Ироқнинг Қазвин шаҳрида туғилган.

«Сунани Ибн Можа»даги ҳадислар сони 4341 та бўлиб, улар 37 китоб ва 1515 фиқҳий бобларга ажратилган. Имом Ибн Можа ушбу «Сунан»да фақат саҳиҳ ҳадисларни келтиришни шарт қилиб қўймаган. «Сунани Ибн Можа»га жами 3002 та ҳадис киритилган. Имом Ибн Можанинг «Сунани Ибн Можа», «Тафсири Ибн Можа», «Тарихи Ибн Можа» асарлари ҳам машҳурдир.

«Сунани Ибн Можа» китобини юқорида номи зикр қилинган беш китоб қаторига олтинчи қилиб илк бор Абул Фазл Мақдисий киритган.

Имом Ибн Можа ҳижрий 273 (милодий 882) йили вафот этган.

«Муваттои Молик»

Машҳур муҳаддис, мазҳаббоши имомлардан бири Молик ибн Анаснинг ҳадис тўплами «Муватто» деб аталади. Имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ал Ҳорис ал Асбаъий ал Маданий роҳимаҳуллоҳ табаъа тобеъинлардан бўлиб, замонасининг етук олими, моликий мазҳаби асосчисидир. Молик ибн Анас ҳижрий 93 (милодий 712) санада Мадинаи Мунавварада туғилган. Имом Авзоъий, Имом Шофеъий, Муҳаммад ибн Ҳасан каби олимлар у кишидан таълим олганлар. Имом Шофеъий: «Молик тобеъинлардан кейин Аллоҳ таолонинг ҳужжатидир», деганлар.

Имом Молик: «Мен ушбу китобни Мадина фақиҳларидан етмиштасига кўрсатдим. Уларнинг барчалари буни маъқуллашди ва мен уни «Муватто» («Осонлаштирилган») деб номладим», деган. Бу китоб аслида фиқҳий масалаларни ёритиш мақсадида ёзилган бўлса-да, мўътабар ҳадис китобларидан саналади. У ҳатто «Олти саҳиҳ»нинг олтинчиси бўлишга лойиқ кўрилган. Ундаги ҳадислар қирқ йил мобайнида тўпланган ҳадислар ичидан танлаб олинган бўлиб, уларни мингга яқин киши ривоят қилган.

Имом Шофеъий: «Аллоҳ таолонинг китобидан кейин ер юзида Моликнинг китобидек саҳиҳ китоб бўлмади», деган.

Имом Молик 179 (милодий 795) йили Мадинаи Мунавварада вафот этган.

«Сунани Доримий»

Мазкур мўътабар мажмуа яна бир улуғ ҳамюртимиз, машҳур олим имом Доримийнинг қаламига мансубдир.

Ҳофизул-кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий ас-Самарқандий ад-Доримий роҳимаҳуллоҳ Мовароуннаҳрнинг атоқли алломаларидан бўлиб, етук муҳаддис эди. У ҳижрий 182 (милодий 797) йили Самарқандда туғилган. Бобоси асли араб бўлиб, Хуросон фатҳидан сўнг Самарқандни ватан тутиб қолган. Олимларнинг таъкидлашларича, Имом Доримий ақлда, фаҳмда, диндорликда, ҳалимлик ва зуҳдда бемисл бўлган. У киши Макка, Мадина, Хуросон, Шом, Ироқ, Мисрда ҳадис ўрганган. Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоийлар ундан ҳадис ривоят қилишган. Энг машҳур китоби «Сунани Доримий» «Олти саҳиҳ»нинг олтинчиси бўлишга ҳақли деб топилган. Доримий унда 3465 та ҳадисни жамлаган. Имом Доримий ҳадис илми олими бўлиш билан бир қаторда, тафсир ва фиқҳ илмида ҳам пешқадам бўлган. Унинг «Савму мустаҳоза вал-мутаҳаййира» деган фиқҳ китоби ва Қуръони каримнинг баъзи жузларига ёзилган тафсири ҳам бор, лекин тафсир бизгача етиб келмаган.

Шайх Алоий: «Доримийнинг китоби «Сунани Ибн Можа»нинг ўрнига олти китобнинг олтинчиси қилинса, муносиброқ бўлар эди», деган, чунки «Сунани Доримий»да заиф ровийлар кам бўлиб, шозз ва мункар ҳадислар жуда оз учрайди, унинг санади ҳам олийроқдир.

Имом Доримий 255 (милодий 870) йили вафот этган ва жума куни дафн қилинган, қабри Самарқандда.

«Саҳиҳи Ибн Ҳиббон»

Ушбу китоб «Олтин силсила» мажмуасига киритилган сўнгги асар бўлиб, унинг муаллифи ҳам ватандошимиз, улуғ олим имом Ибн Ҳиббон Бустийдир.

Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон Аҳмад ат-Тамимий ал Бустий роҳимаҳулоҳ ҳижрий 270 (милодий 884) йилда таваллуд топган бўлиб, ўз даврининг таниқли муҳаддисларидан, шофеъий мазҳабининг фақиҳи эди. Имом Ибн Ҳиббон Самарқандда вояга етган ва бир муддат шу ерда қозилик қилган. Кейинчалик Ироқ, Хуросон, Мовароуннаҳр, Шом, Ҳижоз ўлкаларини кезиб, етук устозлардан ҳадис ўрганган. Ибн Ҳиббоннинг ўзи: «Мен Шошдан Искандариягача бўлган ерларда икки мингдан ортиқ шайхдан ҳадис ёзиб олганман», деган. У Ибн Ҳузайманинг шогирдларидан эди. Ибн Ҳиббон ҳадис илмидан ташқари тиб, фалакиёт ва бошқа табиий фанлардан ҳам хабардор бўлган. Унинг «Ал Анво ват-тақосим», уч жилдли «Ас-Сиқот», «Китабус-саҳоба», «Маърифатул-мажруҳин минал-муҳаддисийн», «Китабул-илал», «Асҳобут-таворих», «Китабу атбоъит-тобеъийн» каби асарлари машҳур. Унинг «Ал Анво ват-тақосим» номли ҳадис китоби «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» номи билан юритилади.

Ибн Ҳиббон Ислом тарихида шайхлари энг кўп бўлган уламо сифатида юқори ўринларни эгаллаганлар. У зот ўз «Саҳиҳ» китобларининг муқаддимасида: «Мен Шошдан Искандариягача бўлган ерларда 2000 дан ортиқ шайхдан ҳадис ёзиб олганман», деганлар. Ана шу шайхларнинг ичидан 217 тасини танлаб, улардан олган ҳадисларни «Саҳиҳ» тўпламларига киритганлар. Улардан 21 таси сиқа, санади олий муҳаддис бўлиб, Абу Яъла Мосулий, Ибн Хузайма Нишопурий ва Имом Насоий каби забардаст уламолар бўлган. Ибн Ҳиббон аксарият ҳадисларини мана шу зотлардан ривоят қилганлар.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 354 йили (м. 965) шаввол ойидан саккиз кун қолганда, жума куни киндик қони тўкилган шаҳри Бустда вафот этганлар.

Биз бу ерда силсилага кирган китоблар ва уларнинг муаллифлари ҳақида бироз тасаввур ҳосил бўлиши учун қисқача тўхталиб ўтдик, холос. Аллоҳ насиб қилса, бу мавзуда ҳар бир китобнинг ўз муқаддимасида батафсил маълумот берилади.