Имом Исмоил Бухорий

Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн ал Муғийра ибн Бардизба ал Жўъфий ал Бухорийдир.
Бардизба мажусий бўлган. Аммо ал Муғийра ибн Бардизба ўз вақтида Бухоронинг волийси бўлган ва Ямон Жўъфийнинг қўлида мусулмон бўлган. Ўша пайтларда бировнинг Исломга киришига сабаб бўлган одамга нисбат берилиши одат бўлган. Шунга биноан имом Бухорийлар оиласига «Жўъфий» нисбати берилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда «Жўъфий»лар сабабидан мусулмон бўлганлар дегани.
Имом Бухорийнинг оталари Исмоил ибн Иброҳимнинг куняси Абул Ҳасан бўлиб, у парҳезгор уламолардан эди. Унинг ҳақида Имом Бухорийнинг ўзлари «Тарихул Кабир» китобида «У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди» деб ёзганлар.
У Молик ибн Анасдан дарс олган, Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовия ва бошқалардан ривоят қилган шахсдир.
Исмоил ибн Иброҳим Аҳмад ибн Ҳафс, Яҳъя ибн Жаъфар Пайкандий ва бошқаларга устоз бўлган.
Унинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс «Ўлими олдидан ҳузурига кирсам, ҳамма молимнинг ичида бирор дирҳам шабҳалиси борлигини билмайман, деди. Ўша пайт ўзимга ўзим арзимас бўлиб кўриндим», деб ривоят қилади.
Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада Жума намозидан кейин, 194 ҳижрий йилнинг, Шаввол ойидан ўн уч кеча қолганда, Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.
У киши кичиклик пайтларидан оталари вафот этиб, етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналари тарбиясида ўсдилар.
Аллоҳ таоло Имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ёд олиш ва барча ишларни яхшилаб қилиш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишини кичиклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшлик бола бўла туриб ўз устозлари Дохилийнинг хатоларини тузатишлари бунга далилдир.
Отасининг дарсхонасида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг «Жомеъ» китобини тинглар эди. Абу Ҳафс бир ҳарфда хато қилган эди, у қайтарди. Иккинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. Учинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. У бир муддат сукут сақлаб турди - да:
«Бу ким?» деди.
«Ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардазба», дейишди.
«Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинглар! Албатта, бу бир куни Одам бўлади», деди Абу Ҳафс.
«Тобақотуш Шофеъийя» ва бошқа китобларда қўйидаги матн келтирилади:
«Салийм ибн Мужоҳид айтади:
«Муҳаммад ибн Салом Пайкентийнинг ҳузурида эдим. Бас, у менга:
«Агар аввалроқ келганингда етмиш минг ҳадисни ёд биладиган болачани кўрар эдинг», деди.
Мен ортидан излаб бориб уни топдим ва:
«Етмиш минг ҳадисни ёддан биламан деган сенмисан?» дедим.
«Ҳа! Ундан ҳам кўп! Мен сенга саҳоба ва тобеъинлардан ҳадис келтирадиган бўлсам, албатта, уларнинг кўпининг туғилган жойлари, вафотлари ва масканларини ҳам биламан. Саҳоба ва тобеъинлардан бирор ҳадисни ривоят қиладиган бўлсам, албатта, унинг Аллоҳнинг китобидаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги аслини ҳам ёдлаган бўламан», деди у».
Имом Бухорий ўн олти ёшида Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёдлаб бўлган ва аҳли райнинг каломини эгаллаган эдилар. Ўн саккиз ёшидан китоб тасниф қилишни бошладилар.
Ёшлик чоғида Имом Бухорий ўз тенгдошлари ила Басра машойихлари дарсларига қатнашар ва уларни ёзиб олмас эди. Бир қанча кунлар шу тарзда ўтганидан кейин шериклари унга:
«Сен биз билан бирга дарсга қатнашасан ва ёзиб олмайсан, бу қилмишингнинг маъноси нима?» дейишди.
Ўн олти кундан сўнг уларга:
«Жуда гапни кўпайтириб юбордингиз ва маҳкам туриб ҳам олдингиз. Ёзганларингизни менга ўқиб берингларчи!» деди.
Улар ёзганларини чиқарган эдилар, ўн беш мингдан зиёд ҳадис чиқди. У ўшаларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди. Улар эса у ёддан айтган нарсадан ёзганларидаги хатоларини тўғрилаб олдилар. Сўнгра уларга қарата:
«Айтингчи?! Мен дарсга беҳудадан қатнашаётган ва кунларимни зое қилаётган эканманми?!» деди.
Шунда унинг олдига биров туша олмаслигини билдилар.
«Таҳзийбул Камол» ва бошқа китобларда келтирилишича:
Машҳур олим Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Бухорий тасниф қилган «Тарих» китобини Хуросон амири ҳамда катта олим Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига олиб кирган ва:
«Эй амир! Сенга сеҳрни кўрсатайми?!» деган.
Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга назар солиб бўлганидан кейин:
«Бунинг қандай тасниф қилинганига фаҳмим етмади», деган.
Имом Бухорий бутун Ислом оламига танилиб бўлганларидан сўнг, шуҳратлари етти иқлимни олганидан кейин она ватанлари Бухорода қарор топишни ихтиёр қилдилар. Бухоро аҳли ўзининг фахри бўлган улуғ олимини шодлик билан қарши олди.
Одатдагидек, буюк имом халққа дарс айтишни бошладилар. Дарсларга сонсиз саноқсиз одамлар ҳозир бўлар эди. Кучли ва ёқимли овоз соҳиби бўлган мубаллиғлар – дарсни одамлар етказиб турувчилар Имом Бухорийнинг ҳар бир гапларини дарсда иштирок этаётган халойиққа етказиб турар эдилар.
Барча халқ оммаси ғоятда масрур эди. Бухоро аҳли имом Бухорийдан дарс олиш бахтидан мамнун эди. Кун сайин дарс иштирокчилари кўпайиб борар ва атроф жавониблардан ҳам кишилар уларга келиб қўшилар эди. Бу билан имом Бухорийнинг обрў эътиборлари ҳам ортиб борар эди.
Шундай бир пайтда ўша даврдаги Бухоронинг волийси Холид ибн Аҳмад Зўҳлий Имом Бухорийга одам юбориб у кишидан манзилига келиб болаларига «Жомеъ» ва «Тарих»дан дарс беришни талаб қилди.
Имом Бухорий унинг ҳузурига боришдан бош тортдилар. Волий яна одам юбориб имомдан ўз болалари учун алоҳида, бошқаларни аралаштирмасдан мажлис қуришни талаб қилди.
Имом Бухорий бу гапни ҳам қабул қилмадилар ва «бир қавмни қўйиб бошқасига дарс ўтиш менга тўғри келмайди», дедилар.
Волий Холид ибн Аҳмад Зўҳлий Имом Бухорийга қарши Бухоронинг Ҳурайс ибн Абулварқо каби аҳли илмларидан ёрдам сўради. Улар дарҳол Имом Бухорийга қарши бўҳтон тўқидилар. У кишини бузуқ мазҳабда эканини даъво қилдилар. Волий Имом Бухорийни Бухородан чиқаришга амр қилди.
Имом Бухорий дуоси мустажоб – тўхтовсиз қабул бўладиган зотлардан эдилар. Жонларидан ўтгани учун мазкур душманлар ҳақида «Эй Аллоҳим! Менга қасд қилган нарсаларини ўзларига, авлодларига ва аҳли аёлларига кўрсатгин!» дея дуо қилдилар.
Бир ой ўтмасдан Тоҳирийларнинг амри келиб волий Холид ибн Аҳмад Зўҳлийнинг урғочи эшакка таскари миндириб сазойи қилинди.
Кейин у ҳажга бориш мақсадида йўлга чиқди. Боғдодга етганида халифа Мўътамаднинг укаси Муваффақ ибн Мутаваккил уни тутиб қамади ва қамоқда вафот этди.
Ҳурайс ибн Варқо аҳли аёлида балога учраб, васфига тил ожиз ҳолатлар бошига тушди.
Бошқа бири болаларида балога учраб Аллоҳ унинг бошига кўп кулфатларни солди.
Имом Бухорий Бухородан чиқиб Самарқанд томон юзландилар. У кишининг Самарқандга етмай икки фарсах масофадаги Хартанг қишлоғида қариндошлари бор эди. У киши мазкур қариндошларникига келиб тушдилар.
Имом Бухорий кечалари намоз ўқиб ибодат қилар эдилар. Бир кеча тунгги намоздан кейин «Эй Аллоҳим! Батаҳқиқ, ер юзи барча нарсаси ила менга тор бўлиб қолди. Мени ўзингга олгин!» деб дуо қилаётганлари эшитилди.
Ана шундан кейин бир ой ўтмай Имом Бухорий вафот топдилар.
«Табақотуш шофеъийя» китобида Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ғолиб ибн Жаброил – Имом Бухорий уйида турган кишидан «Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турди. Кейин бемор бўлиб қолди. Беморлик оғирлашганда Самарқанд волийсининг элчиси келиб, у кишини чиқишини сўради. (Аҳли Самарқанд Имом Бухорийни ўз шаҳарларига келишларини илтимос қилишган эди.)
Бас, бизни кўрганида уловга минишга тайёрлана бошлади. Махсиларини кийди. Салла ўради. Йигирма қадамча юрганидан кейин, мен билагидан суяб бормоқда эдим, бошқа бир киши миниши учун уловни етаклаб келаётган эди, у киши раҳматуллоҳи алайҳи «Мени қўйинглар, заифлашиб қолдим», деди.
Бир қанча дуолар қилганидан кейин ёнбошлади ва жон таслим қилди. Ундан тер оқди, сифатлаб бўлмайдиган даражада оқди. Уни кийимига киритгунимизча тер оқди. Унинг бизга қилган васятлари ичида «мени уч оқ кийим (латта) ила кафанланглар. Уларнинг ичида қомийс ва салла бўлмасин», деган эди. Биз шундай қилдик».
Абдулвоҳид Ибн Одам Тавовусий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрдим. У зот билан бир тўп саҳобалари ҳам бор. У зот бир ерда турибдилар. Салом берган эдим, алик олдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу туришингиз боиси не!» дедим.
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутиб турибман», дедилар.
Бир неча кундан кейин унинг вафоти ҳақида хабар келди. Назар солсак, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган соатда вафот этган экан».
Имом Бухорий Шанбага ўтар кечаси, Рамазон байрамига ўтар кечаси Хуфтон намози пайтида вафот этдилар. Рамазон байрами куни, Пешин намозидан кейин, Шанба куни, икки юз эллик олтинчи ҳижрий сананинг биринчи Шаввол куни Хартангда дафн қилиндилар.
«Ал-Бидоя Ван-Ниҳоя» китобида Имом Бухорийнинг дафн маросимига бош-қош бўлган Иброҳим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади:
«Муҳаммад ибн Исмоилнинг дафнига мен мутасадди бўлганман. У Хартангда вафот этганидан кейин мен Самарқанд шаҳрига олиб бориб дафн қилмоқчи бўлдим. Аммо бир соҳибимиз бунга йўл бермади ва Хартангга дафн қилдик».
«Ал-Бидоя Ван-Ниҳоя» ва бошқа китобларда зикр қилинишича «Имом Бухорийнинг қабрлари тупроғидан Мискнинг ҳиди чиққан. Сўнгра қабр устидан оппоқ устунлар осмонга қараб бўй чўзган. Буни кўрган одамлар ихтилофли гапларни гапира бошлаганлар».
Имом Бухорий бу дунёда ўн уч куни кам олтмиш икки йил ҳаёт кечирганлар.