Имом Доримий

Милодий тўққизинчи аср бошларида Ислом оламида ҳадисларни тўплаб, китоб қилиш кенг ривож топди. Бу ишда олти буюк муҳаддис етакчи бўлди. Улар орасида Имом Доримийнинг алоҳида ўрни бор.
Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Тамимий Самарқандий Доримийдир, 798 (ҳижрий 181) йили туғилган. Имом Доримий ёшликдан ақл-заковати, ўткир зеҳни, айниқса, эслаб қолиш қобилияти кучлилиги билан ажралиб туради.
Бу ҳақда Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мансур Шерозий: “Имом Доримий комил муфассир эди. У ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эди. У зотнинг ёд олиш зеҳни, ҳалимлиги, босиқлиги, тиришқоқлиги... зарбулмасалдир”, деб таъриф беради.
Имом Доримий дастлаб ўз юрти Самарқандда таълим олди. Сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлардан Фустот (Қоҳира), Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина шаҳарларида сабоқ олиб, билимларини оширди.
Имом Доримий ҳаётининг асосий қисмини илм талабида сафар қилиш билан ўтказди. У ҳадисларни тўплаш билан чекланмай, иснодларининг ишончлилигига, узлуксизлилигига ва ровийлар сонига ҳам катта эътибор берди. Олим илмий сафарларини Хуросон шаҳарларидан бошлайди. Жумладан, машҳур ҳофиз Назр ибн Шумайлдан (ваф. 203/818 й.) Марв шаҳрида кўп ҳадис тинглайди. Сўнгра Ироққа бориб, Бағдод, Восит, Куфа, Ҳийт каби шаҳарларида етук олимлардан ҳадис ўрганади. Имом Доримий “Сунан” асарида икки юз элликдан ортиқ устоздан ҳадис ривоят қилган.
Имом Доримий тахминан қирқ ёшида ҳаж ибодатини адо этиб, Самарқандга қайтиб келиб, бир мунча вақт шайхулислом лавозимида ишлайди.
Имом Доримий 869 (ҳижрий 255) йили 75 ёшида арафа куни вафот этади. Ҳозирги Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги Испандий қишлоғига қўйилган.
Манбаларда олимнинг “Китобут тафсир”, “ал-Жомеъ”, “ас-Сулосиййот фил ҳадис”, “Китобус сунна фил ҳадис”, “Китоб савм ал-мустаҳозот вал мутаҳаййирот” каби асарлари борлиги қайд этилади. “Сунан” номи билан танилган “Муснад”и (луғавий маъноси “Таянч” ёки “Иснодли ҳадислар тўплами”) олимнинг шоҳ асари ҳисобланади. Китобнинг “Сунан” деб номланишига олимлар турлича фикр билдиришган.
Ҳофиз Ироқий, Имом Заҳабий асардаги барча ҳадислар тўлиқ иснод билан берилгани учун уни “Муснад”, Алоуддин Муғултоий ҳадисларининг ишончлилиги даражасидан келиб чиққан ҳолда “Саҳиҳ”, Ибн Ҳажар ва Суютий каби бошқалар фиқҳий ҳадислар тўплами бўлгани боис “Сунан” деб аташади.
Ибн Ҳажар Асқалоний каби баъзи олимлар Имом Доримийнинг “Сунан”ини “ Сиҳоҳи ситта”нинг олтинчи китоби сифатида қабул қилишса, бошқа бирлари уни энг ишончли деб топилган тўққиз ҳадис тўплами (“Кутубут тисъа”) сирасига киритишади. Уч ярим мингдан кўп ҳадис тўпланган бу “Сунан” муқаддима ва йигирма уч китоб, 1403 бобдан иборат. Асарда бўлим ва бобларнинг фиқҳий тартибда берилиши муаллифнинг фиқҳий салоҳияти юксак даражада эканини исботлайди.