Алий Жума

                                                                                               Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳозирги кунда Ер юзида бир миллиарддан ортиқ мусулмон киши араб тилидан бошқа тилда сўзлашади. Араб тилида шаклланган суннат қоидаларини, яъни ҳадисларни ўз она тилида ўқиб-ўрганиши учун шароит яратиб бериш уларнинг диний ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, Ўзбекистонда саҳиҳ ҳадислардан иборат кўп жилдли «Олтин силсила» қомусий китобининг нашрга тайёрланиши юртингизда бу борада мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг узвий давоми сифатида ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Тарихи ва миллий қадриятлари жуда бой ва хилма-хил бўлган бу диёрнинг Ислом оламидаги юксак ўрни ва нуфузи, ўйлайманки, ҳеч бир мусулмонга сир эмас. Айниқса, бу юртдан етишиб чиққан буюк алломалар ва азиз-авлиёларнинг исломий таълимотлар, хусусан, ҳадис илмини шакллантириш ва ривожлантиришдаги хизматлари бутун дунёда тан олинган. Имом Бухорий, Термизий, Насоий, Доримий Самарқандий, Ибн Ҳиббон Самарқандий, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ сингари улуғ муҳаддисларнинг беназир асарлари дунё кутубхоналарининг энг нодир манбалари сифатида қадрланади.

Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлари тарихда қуббатул Ислом, яъни Ислом динининг куч-қудратини намоён этадиган илм марказлари сифатида танилган.

Ўзбекистон Республикасининг пойтахти, азим Тошкент шаҳри 2007 йилда нуфузли халқаро ташкилот – ISESCO томонидан «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилингани ўзбек халқининг Ислом дини ва маданияти ривожига қўшган буюк ва бебаҳо ҳиссасининг яна бир ёрқин эътирофи бўлди.

Мустақиллик йилларида мамлакатингизда Ислом дини ва маданий-маънавий меросга бўлган муносабат тубдан ўзгаргани, бу борада улкан ишлар амалга оширилаётганини биз доимо катта қизиқиш билан кузатиб келмоқдамиз. Шу ўринда Ўзбекистон заминида ўз дини ва маънавий анъаналарига меҳр ва садоқат, тарихий меросни асраб-авайлаш бўйича ажойиб тажриба мактаби шаклланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Бугунги кунда «Олтин силсила» рукни остида яна бир қутлуғ ишга қўл урилаётган экан, Яратганнинг Ўзи ушбу муборак лойиҳани амалга ошираётганларга бахту саодат ато этиб, уларнинг саъй-ҳаракатларини зиёда қилсин.

Ҳадисларда айтилишича, Муҳаммад алайҳиссалом: «Менинг сўзимни эшитиб, уни англаб, ёд олиб, сўнг уни бошқаларга эшитганидек етказган кишини Аллоҳ ёрлақасин», деб марҳамат қилганлар. Бу ўринда ҳадисларни астойдил ва садоқат билан тарғиб этадиган инсонга кўп ажру савоблар борлиги башорат қилинмоқда.

Аллоҳ таолодан Ўзбекистон халқининг Ислом илмлари ривожида қадимий шуҳратини яна тиклаб, доим пешқадам бўлишини сўраб қоламиз.

 

Доктор Алий Жума