Ҳадис нима?

Ҳадисни ўрганишдан олдин «ҳадис» ўзи нима эканини билиб олиш керак. Аввало, шуни айтиб ўтиш жоизки, «ҳадис» ва «суннат» сўзлари доимо бир-бирининг ўрнида ишлатилиб келган. Аммо диққат билан қаралса, ҳадис хосроқ, суннат умумийроқ маъно касб этишини кўриш мумкин.

«Ҳадис» сўзининг асл келиб чиқиши «янги ҳодиса», «янгилик» деган маънодан олинган. Ҳар бир айтилган гап-сўз янги ҳодиса бўлгани учун арабларда сўзни «ҳадис» дейишган.

Истилоҳда эса «Ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган сўз, феъл, тақрир ва хилқат – тана тузилиши ёки хулқдаги сифат ҳамда сийрат – таржимаи ҳоллардир».

Буюк муҳаддис ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам, у зотдан содир бўлган барча ҳолатлар ҳам янги пайдо бўлган, яъни уларнинг ибтидоси бордир. Аллоҳ таоло ва У Зотнинг ҳамма исм ва сифатлари эса қадим, яъни азалийдир. Шунинг учун «ҳадис» сўзи азалий бўлмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳолатларга қўлланилган».

Шунингдек, саҳобий ёки тобеъинга нисбат берилган сўз ёки феълга ҳам «ҳадис» дейилаверади. Гоҳида «хабар», «асар», «ривоят» ва «суннат» сўзлари ҳам ҳадис маъносида, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз, феъл ва сифатларига нисбатан ҳам ишлатилади. Демак, «суннат», «асар», «хабар» ва «ривоят» лафзлари истилоҳий маъно жиҳатидан ҳадис сўзининг маънодоши сифатида ҳам келади. Лекин айрим уламолар ушбу сўзлар айрим жиҳатларда бир-биридан бироз фарқ қилишини айтишган.

«Хабар» ўтмиш маълумотларга далолат қилувчи сўз сифатида, «асар» кимдандир из бўлиб қолган феъл ё сўз маъносида бу майдонга кирган. «Ривоят» эса бирор кишининг бевосита ўзи кўрган ёки эшитган нарсасини аниқ нақл қилиб беришини англатиши эътиборидан ҳадис маъносини билдиради. Зеро, ҳадислар бевосита кўриш ва эшитиш орқали нақл қилинган. Шундан маълум бўладики, исломий илмларда, хусусан ҳадис соҳасида «ривоят» деганда афсонавий ёки ноаниқ гапларни эмас, балки илмий равишда асосланган, қайсидир даражада ўз тасдиғини топган маълумотлар назарда тутилади.

«Суннат» аслида «одат», «тариқат – маънавий йўл» маъноларини англатади. «Фалончининг суннати» дегани унинг ҳаёт йўли деганидир. Шундан келиб чиқиб, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари» деганда у зотнинг тариқатлари, йўллари тушунилади.

Ҳадис илми билан шуғулланувчи олим «муҳаддис» дейилади. Муҳаддислар асосан ҳадиснинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб, ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида умуминсоний (гуманитар) илмларга асос бўлган.

 

ҲАДИС ТУРЛАРИ

Юқорида таърифдан ҳадиснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган сўз, феъл, тақрир ва хилқат – тана тузилишидаги ё хулқдаги сифат ҳамда у зотнинг сийрат – таржимаи ҳолларидан иборат эканини билиб олдик. Энди эса уларни мисоллар асосида ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

1. «Сўз». Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.

Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, амаллар ниятга кўрадир», «Зарар бериш ҳам, зарарланиш ҳам йўқ», «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил» деган сўзлари. Бу тур ҳадислар «қавлий (гап) ҳадис» дейилади.

Мазкур муборак гапларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказишган. Улар ҳам ўз навбатида бошқаларга айтиб берганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина уни ўз китобига киритган.

2. «Феъл». Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, у зотнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж қилганлари ва бошқа ишлари. Масалан, қуйидаги ҳадисларни олайлик:

Амр ибн Умайя розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳсиларига масҳ тортаётганларини кўрдим».

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларида у юзланган томонга қараб намоз ўқирдилар. Фарз намозни ўқимоқчи бўлганларида эса тушиб, қиблага юзланардилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берган. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Бу «феълий (иш) ҳадис» дейилади.

3. «Тақрир». Бирор нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш «тақрир» дейилади. Ҳадис илмида тақрир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларига нисбатан қўлланади. Мисол: Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолади ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмай, таяммум билан намоз ўқийди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Шунингдек, бир сафар ҳабашийлар ҳарбий ўйинга тушишганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўйинларини томоша қилиб турганлар. Маъқуллаш «маъқул» деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўя қолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй ҳадис» дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон гуноҳ ва маъсиятларга гувоҳ бўлган ҳолда жим турмаганлар ва бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор сўз ёки ишни маъқуллашлари унинг шаръан ман этилмаганига далолат қилади. Бордию, у зот бу борада хато қилгудек бўлсалар, шу заҳоти ваҳий тушиб, уни тўғрилар эди. Шу боис у зотнинг розиликларини бевосита ваҳийнинг тасдиғи дейиш мумкин. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари ҳадис ҳисобланади ва шаръий ҳукмларда ҳужжат қилинади.

4. «Халқий сифат» деб тана тузилишидаги сифатларга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқаларини батафсил васф қилиб беришган. Бу маълумотлар ҳам ривоят қилиниб, муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етган. Масалан, Алий розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай васф қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қизғишдан келган, кўзлари қоп-қора, силлиқ сочли, қалин соқолли, текис ёноқли эдилар. Юрганларида қоядан тушаётгандек юрар эдилар. Бурилиб қараганларида бутун вужудлари билан бурилардилар. Юзларидаги терлари худди дур каби эди. Қасамки, терлари мушкдан ҳам хушбўй эди. У зот новча ҳам, пакана ҳам эмасдилар. Ожиз ҳам, маломатчи ҳам эмасдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим».

Ҳадиснинг бу турига бағишланган алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Бунга Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари ёрқин мисол бўлади. Бошқа муҳаддислар ҳам ўз китобларида бу мавзуга алоҳида ўрин беришган.

5. «Хулқий-ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам синчковлик билан ўрганиб, ривоят қилиб қолдиришган. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам ҳадис китобларида келган.

Набий алайҳиссалом гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун келганлар, бинобарин, у зотнинг ахлоқлари энг мукаммал ва энг олий ахлоқдир. Бу борада келган айрим ривоятларда жумладан қуйидагиларни ўқиймиз:

Хадижа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Албатта, сиз силаи раҳм қиласиз, одамларнинг оғирини кўтарасиз, йўқсилларга ёрдам кўрсатасиз, меҳмонни икром қиласиз ва бошига мусибат тушганларга ёрдам берасиз», деган эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўрашганда: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди», деганлар.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, менга ҳеч «уфф» демадилар ва бирор қилган ишим учун «Нега буни қилдинг?» ҳам демадилар, бирор қилмаган ишим учун «Нега уни қилмадинг?» ҳам демадилар».

6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Робблари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.

Инсоният тарихида ҳаётининг барча жиҳатлари икир-чикиригача тўла ўрганилган ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. Пайғамбарлар ичида ҳам ҳаёти батафсил ўрганилгани Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритишган.

 

ҲАДИСНИНГ ИСЛОМДА ТУТГАН ЎРНИ

Қуръони карим Ислом биносининг асоси, бош дастури ва Ислом шариати, ҳукмлари ва одобларининг биринчи манбаидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари эса Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи асл манбаи ҳисобланади. Бу икки манбанинг ҳам асоси илоҳий ваҳийдир. Шунинг учун улар илоҳий шариатнинг асосини ташкил қилади. Улар орасидаги фарқ шундаки, Қуръони каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам, яъни унинг сўзлари ҳам, мазмуни ҳам бевосита Аллоҳ таолодан, аммо ҳадисларнинг маъноси Аллоҳ томонидан бўлса-да, лафзи, ифодаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидандир. Шунинг учун Қуръони каримнинг ҳар бир ояти Пайғамбаримизга ваҳий фариштаси орқали нозил этилган, ҳадисларнинг маъноси эса фаришта орқали ҳам, унинг аралашувисиз ҳам етказилган.

Аллоҳ таоло инсонларга пайғамбарлар воситасида Ўзининг диний таълимотларини етказар экан, уларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилишини кўрсатиб беришни ўша пайғамбарлар зиммасига юклаган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳнинг охирги дини – Исломни одамларга етказиш билан бирга, унга қандай амал қилишни ҳам кўрсатиб берганлар, Қуръони карим оятларини кишиларга ўргатиш билан бир қаторда, уларнинг қандай татбиқ этилишини ўз сўзлари ва ҳаёт тарзлари орқали тушунтириб берганлар. Мана шу жараён ҳадиси шарифларда ўз ифодасини топган.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ҳаётда дуч келган масалаларда аввало Қуръонга мурожаат қилиши керак. Агар ундан керакли ечимни топса, уни сўзсиз қабул этади, топа олмаса, ҳадисга мурожаат қилади. Агар ҳадисларда исталган масаланинг ҳукми баён қилинган бўлса, унга амал қилиш лозим бўлади. Бордию, бу икки манбада айнан ўша муаммо ҳақида очиқ ҳукм учрамаса, улар жорий қилган умумий қоида ва асослар ёрдамида масалага илоҳий ечим топиш мумкин.