Ибн Ҳиббон Бустий

Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон Аҳмад ат-Тамимий ал‑Бустий роҳимаҳулоҳ ҳижрий 270 (милодий 884) йилда таваллуд топган бўлиб, ўз даврининг таниқли муҳаддисларидан, шофеъий мазҳабининг фақиҳи эди. Имом Ибн Ҳиббон Самарқандда вояга етган ва бир муддат шу ерда қозилик қилган. Кейинчалик Ироқ, Хуросон, Мовароуннаҳр, Шом, Ҳижоз ўлкаларини кезиб, етук устозлардан ҳадис ўрганган. Ибн Ҳиббоннинг ўзи: «Мен Шошдан Искандариягача бўлган ерларда икки мингдан ортиқ шайхдан ҳадис ёзиб олганман», деган. У Ибн Ҳузайманинг шогирдларидан эди. Ибн Ҳиббон ҳадис илмидан ташқари тиб, фалакиёт ва бошқа табиий фанлардан ҳам хабардор бўлган. Унинг «Ал‑Анво ват-тақосим», уч жилдли «Ас-Сиқот», «Китабус-саҳоба», «Маърифатул-мажруҳин минал-муҳаддисийн», «Китабул-илал», «Асҳобут-таворих», «Китабу атбоъит-тобеъийн» каби асарлари машҳур. Унинг «Ал‑Анво ват-тақосим» номли ҳадис китоби «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» номи билан юритилади. 

Ибн Ҳиббон Ислом тарихида шайхлари энг кўп бўлган уламо сифатида юқори ўринларни эгаллаганлар. У зот ўз «Саҳиҳ» китобларининг муқаддимасида: «Мен Шошдан Искандариягача бўлган ерларда 2000 дан ортиқ шайхдан ҳадис ёзиб олганман», деганлар. Ана шу шайхларнинг ичидан 217 тасини танлаб, улардан олган ҳадисларни «Саҳиҳ» тўпламларига киритганлар. Улардан 21 таси сиқа, санади олий муҳаддис бўлиб, Абу Яъла Мосулий, Ибн Хузайма Нишопурий ва Имом Насоий каби забардаст уламолар бўлган. Ибн Ҳиббон аксарият ҳадисларини мана шу зотлардан ривоят қилганлар. 

  Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 354 йили (м. 965) шаввол ойидан саккиз кун қолганда, жума куни киндик қони тўкилган шаҳри Бустда вафот этганлар.

Манба https://islom.uz