МОЛИК ИБН АНАС

Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн ал-Ҳорис Абу Абдуллоҳ ал-Асбаҳий ал-Маданий – Дорул-ҳижратнинг имоми ва фақиҳи ҳисобланади. Молик ибн Анас 93 ҳижрий санада Мадинаи Мунавварада дунёга келдилар. Ал-Асбаҳий насаблари Яманнинг ал-Асбаҳ қабиласидандир. Имом Молик табаъ-тобеъийнлардан бўлиб, ўз даврларининг буюк илм соҳибларидан бири, муҳаддис ва Моликий мазҳабининг имоми эдилар. 

Имом Шофеъий у киши ҳақида шундай дейдилар: «Молик тобеъийнлардан кейин Аллоҳ таолонинг халқига ҳужжатидир». Имом Насаий Имом Моликнинг ҳадис илмидаги ўринлари ва фазллари ҳақида шундай дейдилар: «Мен учун ҳадис илмида Моликдан кўра билимдон, ҳурматли, ишончли, амин ва заъифлардан кам ривоят қилган бошқа киши йўқдир». 

Имом Шофеъий: «Агар Молик ва Ибн Уяйна бўлмаганда эди, Ҳижознинг илми йўқолиб кетган бўларди»-дейдилар. Шунингдек: «Агар уламолар эсга олиб ўтилса, Молик юлдуздирлар»-дейдилар. Ибн Маҳдий: Молик ал-Ҳакам ва Ҳаммоддан фақиҳроқдир»-дедилар.

Имом Молик халифа Абу Жаъфр ал-Мансурнинг таклифи билан Ислом таълимотларини мусулмонларга тушунтирувчи китоб ёзадилар ва уни «ал-Муваттоъ» (осонлаштирилган) деб атадилар. Халифа ал-Мансур ҳамма мусулмонларни шу китоб бўйича иш тутишга буюрмоқчи бўлганларида, Имом Молик розилик бермайдилар. Бу китоб қирқ йил мобайнида тўпланган ҳадисларни ўз ичига олиб, уни мингга яқин киши ривоят қилган. Бу ривоятлар ўттизта бўлиб, шундан йигирматаси машҳур. 

Яҳё ибн Яҳё ал-Лайсий ал-Андалусий ал-Муваттоъ»ни васфлаб: «У ҳадис ва фиқҳ китобидир, унга тенг келадиган бошқасини билмайман»-дейдилар. Имом Шофеъий: «Ер юзида илмда «ал-Муваттоъ»дан тўғрироқ китоб йўқ»-дейдилар.

Имом Молик Наъийм ал-Мужмир, Зайд ибн Аслам, Абул Зинод, Саъид ал-Мақбурий, Ҳамийд ат-Товийл, Хузайфа ас-Сиҳамий ал-Ансорийлардан ривоят қилганлар. Аммо, Имом Моликдан ривоят қилганлар кўп бўлиб, у кишининг устозлари аз-Зуҳрий ва Яҳё ибн Саъийд, асрдош уламо шерикларидан ал-Авзоъий, ас-Саврий, Суфён ибн Уяйна, ал-Лайс ибн Саъд, Ибн Журайж, Шуъба ибн Ҳажжож, аш-Шофеъий, Ибн ал-Қаттон ва Абу Исҳоқ ал-Фазарийлар шулар шумласидандир. 

Имом Молик буюк тақво соҳиби эдилар. Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, таҳорат олиб, ўринларига виқор билан жойлашиб олиб кейин ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишига шу ҳақда айтишганларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман шунинг учун таҳоратдан хотирим жам бўлгандагина ҳадис айтаман» деб жавоб қилган эканлар. Шунинг каби йўлда кетаётиб, тик туриб ёки шошилиб турган ҳолларида ҳадис айтишни ёмон кўрар эдилар. Ёшлари улуғ бўлиб, заифлашиб қолганларида ҳам Мадинаи Мунаварада от ёки туя минмаган, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуссалари дафн этилган шаҳарда от ёки туя минмайман», деган эканлар. 

Имом Молик муҳаддисгина бўлиб қолмай, буюк фақиҳ, Моликий мазҳабининг имоми эдилар. У кишининг мазҳаблари Ислом оламида кенг ёйилган бўлиб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларининг асоси ҳисобланади. Моликий мазҳаби ҳозирда, асосан шимолий ғарбий Африка давлатларида кенг тарқалган. 

Имом Молик Ислом давлатининг энг катта илм марказларининг бири бўлган «Дору ус-Сунна» – Мадинаи Мунавварада яшаганликлари сабабли ҳадис талаб қилиб бошқа юртларга сафар қилмаганлар, балки, ҳадис талабида Мадинага келган уламолар билан учрашиб ҳадис алмашар эдилар. 

Имом Молик бутун умрлари давомида ҳеч қандай қўзғалон фитналарга аралашмаганларига қарамай, халифа Абу Жаъфар ал-Мансур даврида – яъни 146 йилда у кишининг бошларига мусибат тушади: дарра билан калтакланадилар ва қўлларини тортиб куракларини чиқариб юборилади. Бунинг сабаби Имом Молик ривоят қилган «Мустакраҳ (мажбурланган)га талоқ йўқ» ҳадисининг Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ан-Нафс аз-Закия Мадинаи Мунавварада қўзғолон қилиб чиққан пайтида баъзи бир кучлар томонидан фина учун қўлланилган ва бу ҳадиси шариф Абу Жаъфар ал-Мансурга қилинган байъат нотўғри эканлигини билдирилганлигидадир. Чунки халифа ал-Мансур талоқ шарти билан мусулмонлардан байъат оларди. 

Имом Молик ибн Анас 179 ҳижрий санада вафот этадилар.

Манба https://islom.uz