АЛИЙ ЖУМА

АЛИЙ ЖУМА

Ҳозирги кунда Ер юзида бир миллиарддан ортиқ мусулмон киши араб тилидан бошқа тилда сўзлашади. Араб тилида шаклланган суннат қоидаларини, яъни ҳадисларни ўз она тилида ўқиб-ўрганиши учун шароит яратиб бериш уларнинг диний ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, Ўзбекистонда саҳиҳ ҳадислардан иборат кўп жилдли «Олтин силсила» қомусий китобининг нашрга тайёрланиши юртингизда бу борада мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг узвий давоми сифатида ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Тарихи ва миллий қадриятлари жуда бой ва хилма-хил бўлган бу диёрнинг Ислом оламидаги юксак ўрни ва нуфузи, ўйлайманки, ҳеч бир мусулмонга сир эмас. Айниқса, бу юртдан етишиб чиққан буюк алломалар ва азиз-авлиёларнинг исломий таълимотлар, хусусан, ҳадис илмини шакллантириш ва ривожлантиришдаги хизматлари бутун дунёда тан олинган. Имом Бухорий, Термизий, Насоий, Доримий Самарқандий, Ибн Ҳиббон Самарқандий, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ сингари улуғ муҳаддисларнинг беназир асарлари дунё кутубхоналарининг энг нодир манбалари сифатида қадрланади.
Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлари тарихда қуббатул Ислом, яъни Ислом динининг куч-қудратини намоён этадиган илм марказлари сифатида танилган.
Ўзбекистон Республикасининг пойтахти, азим Тошкент шаҳри 2007 йилда нуфузли халқаро ташкилот – ISESCO томонидан «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилингани ўзбек халқининг Ислом дини ва маданияти ривожига қўшган буюк ва бебаҳо ҳиссасининг яна бир ёрқин эътирофи бўлди.
Мустақиллик йилларида мамлакатингизда Ислом дини ва маданий-маънавий меросга бўлган муносабат тубдан ўзгаргани, бу борада улкан ишлар амалга оширилаётганини биз доимо катта қизиқиш билан кузатиб келмоқдамиз. Шу ўринда Ўзбекистон заминида ўз дини ва маънавий анъаналарига меҳр ва садоқат, тарихий меросни асраб-авайлаш бўйича ажойиб тажриба мактаби шаклланганини алоҳида қайд этиш лозим.
Бугунги кунда «Олтин силсила» рукни остида яна бир қутлуғ ишга қўл урилаётган экан, Яратганнинг Ўзи ушбу муборак лойиҳани амалга ошираётганларга бахту саодат ато этиб, уларнинг саъй-ҳаракатларини зиёда қилсин.
Ҳадисларда айтилишича, Муҳаммад алайҳиссалом: «Менинг сўзимни эшитиб, уни англаб, ёд олиб, сўнг уни бошқаларга эшитганидек етказган кишини Аллоҳ ёрлақасин», деб марҳамат қилганлар. Бу ўринда ҳадисларни астойдил ва садоқат билан тарғиб этадиган инсонга кўп ажру савоблар борлиги башорат қилинмоқда.
Аллоҳ таолодан Ўзбекистон халқининг Ислом илмлари ривожида қадимий шуҳратини яна тиклаб, доим пешқадам бўлишини сўраб қоламиз.

Доктор Алий Жума

Алий Муҳйиддин Қорадоғий

Алий Муҳйиддин Қорадоғий

Мусулмон уламолари бутунжаҳон кенгаши ўзбек халқига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромини изҳор этар экан, Ислом дини ва маданияти равнақига буюк ва беқиёс ҳисса қўшган бу бағрикенг ва маърифатли элга доимо эзгулик ва тинчлик-осойишталик ёр бўлишини тилайди.
Бутун мусулмон оламида Ислом дини марказларидан бири сифатида тан олинган, улуғ муҳаддис алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлган Ўзбекистон заминида Қуръони каримдан кейинги асосий муқаддас манба бўлмиш ҳадиси шарифларнинг «Олтин силсила» рукнида чоп этилаётгани, ҳеч шубҳасиз, улкан маданий ҳодисадир. Катта илмий-ижодий меҳнат, куч-ғайрат талаб этадиган, том маънода ноёб бу тўпламни нашр этишга азму қарор қилган сиз, азизларни Мусулмон уламолари бутунжаҳон кенгаши аъзолари номидан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ишончим комил, бугунги кунда Ўзбекистон Президенти муҳтарам Ислом Каримов катта аҳамият бераётган келажак авлодларнинг маънавий камолоти учун хизмат қиладиган бу муаззам мажмуа Ислом динининг маърифий моҳиятини англашга интиладиган барча инсонлар учун ғоят муҳим манба бўлиб қолади.
Аллоҳ таоло муборак каломида айтганидек: «Нимаики яхшиликни инфоқ қилсангиз, ўзингиз учундир. Қилган инфоқингиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир».
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий

Muhammad Said Ramazon Butiy

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий

Бутун мусулмон оламида юксак маърифий мавқега эга бўлган ўзбек халқини «Олтин силсила» рукни остида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан иборат мукаммал тўпламни нашрга тайёрлаш имконига эга бўлгани билан муборакбод этаман.
Маълумки, ушбу бебаҳо илмий мерос собиқ мустабид тузум даврида мутлақо эътибордан четда қолган эди. Мустақиллик шарофати билан бу диёр ўзининг диний-маданий қадриятларини тиклаш борасида ҳам улкан имкониятларга эга бўлди. «Олтин силсила» номли ҳадислар тўпламининг нашр этилаётгани бу йўлдаги яна бир улкан тарихий қадамдир.
Аллоҳ таоло тарихда турли қийинчилик ва машаққатларга сабр қилиб, ўзининг иймон-иродаси, тарихий илдизларини сақлаб қолган халққа мана шундай имкониятлар кўринишида улуғ мукофотлар бергай, иншааллоҳ. Ўзининг мард ва донишманд Юртбошиси раҳбарлигида ҳар жабҳада юксак марралар сари интилиб яшаётган ўзбек халқига, хусусан, бу юртнинг илм аҳлларига бундай ютуқ муборак бўлсин!
Шубҳасиз, «Аллоҳ гўзал амал қилганларнинг ажру мукофотини зое қилмас».

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий

Vahba Mustafo Zuhayliy

Ваҳба Мустафо Зуҳайлий

Инсонга билмаганини ўргатган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Ер юзидаги ҳар қандай миллат ва халқнинг равнақ топиб, юксалишининг аввали, ўртаси ва охири фақат илм билан бўлади. Ислом уммати айнан илм ёрдамида залолат ва адашишдан сақланиб, жаҳолат ва қолоқликдан халос бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас каломида айтганидек: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни даражаларга кўтарур».
Яратганга шукроналар бўлсинки, мустақиллик туфайли собиқ СССР ҳудудида яшаган миллионлаб мусулмонлар қалбига иймон нури, Қуръон ва ҳадис ёғдуси қайтди. Айниқса, бу борада азалдан Ислом дини марказларидан бири сифатида довруғ қозониб келган Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган улкан ишлар таҳсинга сазовордир.
Ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлган «Олтин силсила» рукнида ҳадис тўпламларининг нашр этилаётганини мен сизнинг юртингизда маънавий тараққиёт масаласига доимий равишда катта эътибор берилаётганининг яна бир амалий тасдиғи деб биламан.
Ушбу муборак илмий меросни халқингиз, келажак авлодларингизга ўз она тилингизда тақдим этишдек шарафли ишда сизларни Аллоҳнинг Ўзи қўллаб, ҳифзу ҳимоясида асрасин.
Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади.

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий